Cурхондарёда ҳоким ёрдамчиси, муҳандис ва қишлоқ хўжалиги масъулига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида ДХХ матбуот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Сариосиё туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали туман ҳокимлиги захирасидаги 2,5 гектар суғориладиган ер майдонини 30 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига 29 млн сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, у ушбу пул маблағини “Ўздаверлойиҳа” илмий лойиҳалаш институтининг “Сурвилерлойиҳа” бўлинмаси муҳандиси ҳамда Сариосиё тумани қишлоқ хўжалиги бўлими шўъба бошлиғига бериши кераклиги маълум бўлган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, муҳандис ва шўъба бошлиғи ушбу пул маблағини олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


