Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман судида ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, фуқаро У.А. 2019 йилда ўзига тегишли телефон орқали “Odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида “Улуғбек Алмардонов” номидан рўйхатдан ўтган аккаунти орқали диний мазмундаги материалнинг тарқалишига сабабчи бўлган.
Аниқланишича, у мазкур тармоқда жойлаштирилган, “Абдуллох домла” номи билан танилган Абдуғани Умаровнинг “Жаннатга ошиқ” номли маърузасига “лайк” (“класс”) босган ва шу орқали унинг кенгроқ аудиторияга етиб боришига сабаб бўлган. Мутаҳассислар мазкур маърузада ақидапарастлик ғоялари мавжудлигини тасдиқлашган.
Суд қарорига кўра, У.А.нинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” бандига мувофиқ диний-экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш сифатида баҳоланди.
Қумқўрғон туман суди 2025 йил 1 июлда ҳукм чиқариб, Алмардоновни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди. Жазо умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Суд қароридан маълум бўлишича, жиноят оғир туркумга мансуб бўлса-да, судланувчининг ёши, шахсий аҳволи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси асосида унга санксиядаги энг оғир жазо тайинланмаган.


