Танқидлар остида қолган Илон Маскнинг сунъий йўлдошлари Украинада ишламай қолди
Миллиардер сўнгги кунларда украиналик амалдорлар ғазабига дучор бўлганди.

Сўнгги ҳафталарда Украина армияси Starlink сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланишда муаммоларга дуч келган. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабар берди.
Газетанинг Украина олий қўмондонлигидаги манбалари бу айрим вазиятларда ҳалокатли оқибатларга олиб келганини маълум қилган. Украиналиклар Илон Маскка тегишли йўлдошлардан коммуникациянинг бошқа воситалари чеклаб қўйилган ҳудудларда мулоқот ва разведка маълумотларини алмашишда фойдаланади. Starlink махсус дронлар ёрдамида сигналларни қабул қилади.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган. Маскнинг ўзи FT журналистларини нотўғри маълумотлар тарқатишда айблаган. Шу билан бирга у фронтдаги махфий маълумотларни баҳона қилиб, вазиятни изоҳламаган.
Шуни қайд этиш лозимки, сўнгги кунларда Илон Маск Украинада тинчлик ўрнатилиши учун ўз келишув вариантини тақдим этди. У Қримни Россия ихтиёрида қолдириш, шарқий ҳудудларда қайта референдумлар ўтказишни таклиф қилганди. Аммо бу украиналикларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Якунда миллиардер Украинани яхши кўришини, аммо Учинчи Жаҳон уруши бошланмаслиги тарафдори эканини маълум қилди.







