АҚШ президенти Доналд Трамп яна сиёсий майдон марказида. Политисо нашрининг ишончли манбаларига таяниб тарқатган хабарига кўра, Трамп бир неча жаҳон етакчилари билан расмий канал орқали эмас, балки шахсий телефонлар орқали мулоқот қилган. Ушбу ҳаракат халқаро дипломатия қоидалари ва АҚШ хавфсизлик протоколларига зид ҳисобланади.
Хабарларга кўра, Трамп Франция президенти Эммануэл Макрон, Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Буюк Британиянинг амалдаги бош вазири Кей Стармер билан бевосита алоқага чиққан. Ушбу суҳбатлар айрим ҳолларда сиёсий ёки иқтисодий масалаларга бағишланган бўлсада, баъзида шахсий мавзуларни ҳам қамраб олган.
Экспертларнинг фикрича, бу каби норасмий алоқа каналлари хорижий давлатлар томонидан Трамп устидан разведка қилиш учун имкон яратиши мумкин. АҚШ ҳукумати одатда юқори даражадаги дипломатик мулоқотлар учун махсус, ҳимояланган алоқа тизимларидан фойдаланади. Трамп эса бу тартибга риоя қилмаётгани хавфсизлик бўйича хавотирларни кучайтирмоқда.
Доналд Трамп 2025 йил январида президентлик лавозимини қайта эгаллаганидан бери бир нечта баҳсли қарорлар ва сиёсий ҳаракатлар билан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Унга нисбатан илгари бошланган терговлар ва сиёсий текширувлар ҳануз давом этмоқда. Шу фонда, унинг дипломатик протоколга амал қилмаслиги янги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.


