Туркия Қора денгизда барқарорликни сақлаб қолишдан манфаатдор – Хулуси Акар
Туркия мудофаа вазири денгизда бегона давлатлар ҳарбий кемалари йўқлигини маълум қилди.

Туркия НАТОдаги иттифоқчиларини Қора денгиздаги вазиятни кескинлашишидан асрашга ҳаракат қилади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Хулуси Акар маълум қилди.
“НАТОнинг Қора денгизга кириб-чиқиши қўшимча нозик вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Денгизда барқарорликни сақлаш учун бизнинг таклифимиз бор. Биз ваҳимага берилмасликка ва совуққонликни сақлаб қолишга чақирамиз. Нотўғри маълумотлар англашилмовчиликка сабаб бўлиши мумкин”, – деган у Hurriyet газетасига берган интервьюсида.
Акарнинг қўшимча қилишича, ҳозирда Қора денгизда унинг атрофида жойлашмаган давлатларнинг ҳарбий кемалари йўқ.
“Биз минтақавий хусусийлик тамойили бузилишини истамаймиз. Агар бу ерда мувозанат бузилса, жараённинг назоратдан чиқиб кетиши эҳтимоли катта. Қора денгизни рақобат муҳитига олиб кирмаслик керак”, – деб қайд этган вазир.
Аввалроқ Туркия Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириши тўғрисида хабар берилганди.







