Ўзбекистонда 2025 йил 1 октабрдaн бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаби кучга киради. Мазкур қарор жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Халқ демократик партияси (ХДП) эса ушбу тартибга ўз муносабатини билдирди.
Партия расмий баёнотида таъкидланишича, ҳозирда 130 минг нафардан ортиқ ёшлар айнан мопед, скутер ва велосипедлар ёрдамида курьерлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз оиласи даромадига ҳисса қўшмоқда. Шу сабабли гувоҳнома талаби бу тоифадаги ёшларни мураккаб аҳволга солиб қўйиши мумкин.
ХДП қайд этишича, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Шу шароитда гувоҳнома ва давлат рақами талабларини жорий этиш юз минглаб ёшларга даромад манбаини йўқотиш хавфини келтириб чиқаради.
Шу боис партия қуйидаги таклифларни илгари сурди:
мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талабини 2026 йилгача кечиктириш;
гувоҳнома олиш тартиби ва тўлов ставкаларини қайта кўриб чиқиш;
давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини енгиллаштириш.
ХДП шунингдек, ушбу масала бўйича депутатлик сўрови киритилишини билдирди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги қарорига мувофиқ, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақамлари жорий этилган. Мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш тартиби бўйича вақтинчалик низом 2025 йил 30 сентябргача амал қилади. Бундан ташқари, 2024 йил декабридан бошлаб ушбу турдаги транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун БҲМнинг 1,5 баравари (618 минг сўм) миқдорида тўлов белгиланган.


