1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Бойсун тоғларида янги археологик топилмалар аниқланди

Ушбу топилмалар қарийб 9 минг 200 йил аввалги даврга оид.

Бойсун тоғларида янги археологик топилмалар аниқланди

Сурхондарё вилояти Бойсун тоғларида жойлашган Тўда ғорида олиб борилган археологик қазишмалар давомида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. Бу ҳақида Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

 

Қайд этилишича, тадқиқотлар Хитой Фанлар академияси Қазилмалар ва палеоантропология институти олими Хинйинг Чжоу раҳбарлигида ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти археологлари иштирокида амалга оширилган. 

 

Қазишмалар жараёнида қадимий тош ўроқлар, ёввойи донларнинг уруғлари ҳамда уларга ишлов беришда фойдаланилган меҳнат қуроллари аниқланган. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу топилмалар қарийб 9 минг 200 йил аввалги даврга оид. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, мазкур кашфиёт минтақанинг қадимий аҳолиси овчилик ва теримчилик билан бир қаторда илк деҳқончилик амалиётларидан ҳам фойдаланганини кўрсатади.

 

Германиядаги Геоантропология институти илмий ходими Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, бу топилмалар деҳқончиликнинг ягона ҳудудда эмас, балки дунёнинг турли минтақаларида, жумладан Евроосиёда ҳам мустақил равишда шаклланганини тасдиқлайди. Археологик қазишмалар давомида нафақат ўсимлик қолдиқлари, балки тош пичоқлар, ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа асбоблар ҳам топилган. Уларнинг юзасида ғалла пояларини ўриш ва қайта ишлаш жараёнларига оид излар сақланиб қолган.

 

Археологларнинг маълум қилишича, худди шундай қуроллар Левант ҳудуди ҳамда Қирғизистондаги Обишир-5 манзилгоҳида ҳам учрайди. Бу эса қадимги деҳқончилик анъаналари бир неча ҳудудларда ўз-ўзидан пайдо бўлганини илмий асослайди. Ушбу кашфиёт нафақат Ўзбекистон тарихида, балки инсониятнинг илк аграр маданиятини ўрганишда муҳим илмий далил сифатида катта аҳамият касб этади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика