ЕИ вакили Эронга боради
У ядро келишуви бўйича музокара ўтказади.

Евроиттифоқ ташқи сиёсий идораси раҳбарининг ўринбосари Энрике Мора Эронга ташриф буюради. Бу ҳақда Эрон ТИВ расмий вакили Саид Хатибзода маълум қилди.
Мора Эрон билан ядро келишуви музокараларида ЕИ координатори ҳисобланади. У Теҳроннинг музокаралардаги вакили Али Багири Кани билан учрашади.
“Теҳронга ЕИ координатори келиши – бу тўғри йўналишдаги қадам”, деган Хатибзода. У Мора билан музокаралар ядро келишувида янгиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини истисно этмаган. Сабаби Евроиттифоқ АҚШ ва Эрон ўзаро баёнотлар алмашишида воситачи бўлиб турибди.
Маълумот ўрнида: 2015 йилда Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ҳамда Хитой ўртасида "Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси" имзоланган. Унга кўра, Теҳрон ядро қуроли ишлаб чиқишдан воз кечиши, Ғарб эса иқтисодий санкцияларни бекор қилиши лозим эди. Аммо 2018 йилда АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди.
Жозеф Байден АҚШ президентига айлангач, келишувни қайтиб тиклаш ташаббуси билан чиқди. 2021 йилдан бошлаб Венада саккиз раундли музокаралар ўтказилди. 11 март куни томонлар ташқи факторлар туфайли танаффус олди. Унга асосий сабаб қилиб Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси кўрсатилмоқда. Бунга қадар музокаралар финал босқичига чиққан ва февраль охирида якунланиши керак эди.
Аввалроқ Оқ уй Эронни ядро келишуви ҳамон имзоланмаганида айблаганди.







