Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Европа Иттифоқи етакчилари АҚШ президенти Дональд Трамп билан 15 август куни Аляскада бўлиб ўтиши режалаштирилган Россия президенти Владимир Путин билан учрашувдан аввал гаплашишни мақсад қилган. Агентлик вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, бу ташаббус Европа томонининг дипломатик стратегияси доирасида кўрилаётганини маълум қилган.
Хабарга кўра, Трамп ва Европа етакчилари ўртасидаги эҳтимолий мулоқотдан аввал “АҚШ, Украина ва Европа расмийлари иштирокидаги интенсив дипломатик ҳафта охири” бўлиб ўтган. Бу жараёнда Украина ва Европа вазирлари Буюк Британияда АҚШ витсе-президенти Ж.Д. Венс билан учрашувлар ўтказган.
Дипломатик фаолликнинг ошиши, кузатувчиларга кўра, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар фонида Европанинг ўз позициясини кучайтиришга уринишидир. Европа раҳбарлари Трамп билан аввалги мулоқот орқали Украина масаласида ўз қарашларини аниқ етказиб, Путиннинг позициясига қарши сиёсий мувозанат яратишни истамоқда.
Мутаҳассисларнинг таъкидлашича, Аляскадаги учрашув нафақат АҚШ–Россия муносабатларида, балки бутун Европа хавфсизлик архитектураси учун ҳам муҳим бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Шу боис ЕИ етакчилари музокаралар жараёнида фаол иштирок этишга интилмоқда.


