Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, инвестиция дастурларини амалга ошириш ва янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари кооперацияси учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.
Машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, кимё ва фармацевтика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган саноат кўргазмаси доирасидаги ишбилармонлик тадбирларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
25-27 апрель кунлари Тошкентда «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Форумда Мантуров ўтган йил давомида Россия Федерацияси билан ЕОИИ, БРИКС ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34 фоиздан 38 фоизгача ўсганини ва бу иттифоқлар биргаликда жаҳон иқтисодиётининг ярмини таъминлаётганини айтди. У Россия Ўзбекистон билан фармацевтика, автомобилсозлик, ўғитлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат машинасозлиги соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини кўришини ҳамда Ўзбекистоннинг Покистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар каби шерикларига биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб беришдан манфаатдор эканини таъкидлади.


