Байден ва Пентагон "Ал-Қоида" борасида бир тўхтамга кела олмади
АҚШ Президенти Жо Байден ва Пентагон расмий вакили Жон Кибри "Ал-Қоида" террористик гуруҳининг Афғонистондаги фаолияти бўйича бир фикрга кела олмади.


Байден Оқ уйдаги брифингда Қўшма Штатлар бу ташкилотдан халос бўлгани ва ҳарбийларининг Афғонистонда бундан ортиқ қолишига эҳтиёж йўқлигини айтди. Пентагон эса "Ал-Қоида" мамлакатга олдингидек хавф солмоқда, деб ҳисоблайди.
"Ал-Қоида" энди йўқ. Биз Афғонистонга аниқ мақсад — "Ал-Қоида"дан халос бўлиш ва Усама бен Ладенни қўлга киритиш учун борган эдик. Биз буни амалга оширдик" , — деди Байден.
Кибри эса Афғонистонда "Ислом давлати" ва "Ал-Қоида" каби террористик гуруҳлар мавжудлигига ишончи комил эканини, АҚШга ҳали жангариларнинг аниқ сони маълум эмаслиги, Афғонистонда америкаликларга нисбатан зўравонлик ишлатилгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканини билдирган.
Бундан аввал «Толибон» ҳаракати етакчилари «Ал-Қоида» террористик ташкилотига Афғонистон ҳудудидан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишни таклиф қилгани ва мамлакатни “жиҳод бешигига” айлантиришга тайёрлигини билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Шарофат Маҳмудова







