Ғазна ҳам “Толибон” қўлида. Навбат Лашкаргоҳгами?
“Толибон” Афғонистоннинг яна бир йирик шаҳари — Ғазнани эгаллади .Бу ҳақда ҳаракат вакили Қори Юсуф Аҳмадий хабар берди.


Шаҳардаги губернатор қароргоҳи, полиция бошқармаси ва қамоқхона жангарилар қўлига ўтган. Ҳукумат кучлари гарчи қаршилик кўрсатаётган бўлса-да, лекин Ғазна устидан назоратни қўлдан чиқарган. Номи сир тутилишини истаган вилоят депутатларидан бири ҳам бу маълумотни тасдиқлади.
Лашкаргоҳ шаҳридаги полиция бошқармаси ҳам “Толибон” қўлига ўтган. Ҳукумат кучларининг 40 нафар ҳарбийси асир олинган, қолган қисмлар Лашкаргоҳда жойлашган губернатор маъмурияти биносига чекинган. “Толибон” расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид бино тўлиқ қамалга олинганини маълум қилди.
Афғонистондаги вазият оғирлашгани сабабли Россия Тожикистонга 1 миллион доллар ажратди. Бу маблағ афғон-тожик чегарасини мустаҳкамлаш учун сарфланади.
Бундан аввал Афғонистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар “Толибон” бутун дунёни алдагани ва унга босимни кучайтириш зарурлигини маълум қилган эди.







