“Ҳеч қачон бажараётган ишимдан афсусланмаганман” – пойабзал таъмирловчи уста ҳикояси ( видео)
Ҳунар ўрганиш инсондан эътибор, қунт талаб қилади.


Танлаган касбига нисбатан қизиқиши юқори бўлса, ўрганиш ҳам осон кечади. Киши ишини муҳаббат билан қилиши гап сўзидан яққол сезилади. Пойабзал устаси Ферузбек Бўриев ҳам касбини севадиганлардан. Ҳунари кетидан ҳалол даромад кўраётган уста, ишини бошқасига алмаштиришни ўйлаб ҳам кўрмаган. У Тошкент шаҳар Юнусобод деҳқон бозорида ишлайди. Бир кунда унинг қўлида қанчадан-қанча пойабзал “қайта жонланади”.
Одамларнинг дуоси туфайли ишимда барака бор
1993 йил Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида туғилганман. Пойтахтга келишимга опам ва акам сабабчи, улар Тошкентда ўқишган. Ўзим ҳам олийгоҳга ҳужжат топшириб кўрдим, бироқ киролмадим. Шундан сўнг пойабзал устаси бўлишга қарор қилдим. Касб сирларини поччам ўргатган. Ҳунаримни жуда яхши кўраман. Бу ишдан нон топиб еяётганимга ўн йил бўлди. Ўтган вақт давомида ҳеч қачон бажараётган ишимдан афсусланмаганман. Чунки, мен ҳалол меҳнат орқали пул топяпман. Шукур, оиламни боқишда, ҳеч қандай камчиликлар сезилмайди. Одамларга ёрдам бериб, уларнинг дуосини оламан. Касбни севиб қолиш учун шунинг ўзи етарли. Эрталаб ишга келаман, кечга яна хотиржам ҳолда уйимга қайтаман. Инсоннинг бажараётган ишида миннатдорлик туйғуси бўлса, унинг ишида ҳам унум ҳам барака бўлади.
Фойда харажатни қоплайди
Ишимиз эрталаб соат тўққизда бошланиб, кечги пайт олти- еттигача чўзилади. Даромадим кунлик ишга боғлиқ. Агар, мижозлар кўп бўлса, ҳаражатлардан ташқари эллик - олтмиш минг сўм топаман. Битта оёқ кийимни тузатиш учун кетадиган харажат пойабзалнинг ҳолатига боғлиқ. Мисол учун, пойабзалнинг таги умуман йўқ, яроқсиз бўлган вазиятда унинг ҳамма жойини қайтадан таъмирлашга тўғри келади. Бундай ҳолатларда унга ҳомашё ҳам кўп кетади. Шунга қараб мижоз тўлайдиган пул ҳам қимматроқ бўлади. Йигирма беш - ўттиз минг сўм харажат қилсак, ундан ўн - ўн беш минг сўм ўзимизга қолади.
Келгусида пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман
Бу ишга келишимдан олдин икки йил шогирд тушдим. Устозимнинг бажараётган ҳаракатларига яхшилаб эътибор берардим. Вақт ўтказиш учун ёки фақат келиб- кетиш учун юрмаганман. Эртага бошқа қийинроқ юмушни қиладиган бўлсам, мижознинг олдида қизариб қолмаслигим керак дердим. Ҳамиша одамларнинг ишончини оқлашга эътибор қиламан. Инсон ҳеч қачон бир ҳунарни ўрганганидан сўнг тўхтаб қолиши керак эмас. Келажакдаги режаларимдан бири - ўзим пойабзал ишлаб чиқарадиган цех очмоқчиман. Кейинги йилларда бу ишни амалга оширишга жиддий ҳаракатни бошлайман. Ҳозирча, цех қуриш учун қулай жойларни суриштириб юрибман. Худо хоҳласа, кўнглимга мос жойни топсам ишга киришаман.
Mуомала кўп нарсани ҳал қилади
Муомала ишимизда биринчи ўринда туради. Одамлар билан самимий, ҳалол бўлсангиз, улар доимий мижозингиз бўлиб қолишади. Яна қиладиган ишингизда сифат бўлса, ҳар қандай кишининг кўнглини топиш мумкин. Ишингиздан кўнгли тўлган битта одам, кетидан ўнта кишини етаклаб келади. Кўриб турганингиздек, бу ерда пойабзал таъмирлайдиганлар кўп. Улар ўртасида жиддий рақобат мавжуд эмас. Иш давомида бекор қолиб кетган вақтларим жуда кам бўлади.
Ҳунарли одам хор бўлмас
Мен ҳунар эгалламоқчи бўлган ёшларга ишни яхши кўриши ва эътиборлироқ бўлишларини маслаҳат берган бўлардим. Шогирд тушганда устозидан касбнинг сир асрорларини чуқур ўрганиш керак. Қилинаётган юмушларнинг кетма-кетлигини диққат билан кузатиши лозим. Куниим ўтса бўлди дейдиган инсон инсон ҳар қандай ҳунарни ўн - ўн беш йилда ҳам ўрганолмайди. Ёшлар эса битта ҳунарни қунт билан эгаллашларини айтган бўлардим. Ҳунар ўрганган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, муҳтожлик сезмайди. Ўзи қизиққан, ўзига ёққан касб билан шуғулланган одамнинг ҳаёти мазмунли ўтади деб ўйлайман.
Жамшидбек Амиров тайёрлади.







