“Толибон” Афғонистон вилояти марказларига ҳужумни давом эттирмоқда
9 август куни Фараҳ провинцияси маркази Фараҳ шаҳрига “Толибон” ҳужум бошлади. Бу ҳақда “Спутник Афганистан” хабар берди.


Ҳаракат вакилларига тегишли аккаунт ва сайтлар шаҳар мараказида ҳукумат қўшинлари асирга олингани ҳақида маълум қилган. Кун охирига бориб ҳукумат кучлари “Толибон” ни чекинишга мажбур этган.
9 август куни “Толибон” Қундуз аэропортини ҳам эгаллади. Бу ҳукумат кучлари ушлаб турган энг сўнгги нуқта эди.
Лашкаргоҳда вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. TOLOnews нашрининг маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида Лашкаргоҳда 324 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Бунга жангариларнинг миномёт зарбалари, ҳукумат ва АҚШ авиазарбалари асосий сабаб қилиб кўрсатилган.

Афғонистонда вазият кескинлашуви ортидан 10 августда Қатарда АҚШ, Россия, Хитой ва Покистон иштирокида “Кенгайтирилган учлик” йиғилиши бўлиб ўтиши маълум қилинди. АҚШ Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод учрашув давомида “Толибон”дан ҳужумларни тўхтатишни талаб қилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал жангарилар Саманган вилояти марказини эгаллагани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







