Панжшер”Толибон”га қарши тура олади...ми?
Аҳмад Масъуд машҳур қўмондон Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли, Панжшер вилоятининг амалдаги раҳбари ҳисобланади.

Масъуд отаси изидан бориб, “Толибон”га қарши кураш олиб бориш ниятида янги “Шимолий альянс” тузилганини эълон қилди.
“Толибон” 15 август куни Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни қўлга киритди. Айни пайтда унга бўйсунмаган фақат битта ҳудуд — мамлакат шимолидаги Панжшер қолди. Панжшерда машҳур қўмондон, “Панжшер арслони” номи билан танилган Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд толибларга қарши курашишини эълон қилди. Масъудни ҳозирда Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ, маршал Абдулрашид Дўстумнинг ўғли Ёр Муҳаммад Дўстум ва собиқ мудофаа вазири Бисмиллохон Муҳаммадий қўллаб-қувватламоқда. Аҳмад Масъуд ўтган ҳафта Ғарб давлатларига мурожаат қилиб, қурол-яроғ етказиб беришни сўради.
Масъуднинг отаси Аҳмадшоҳ Масъуд афғонистонлик машҳур қўмондонлардан саналади. У собиқ Иттифоқ қўшинларига ҳам, толибларга ҳам қарши муваффаққиятли кураш олиб борган. Масъуд ўз даврида АҚШ махсус хизматлари билан яхши алоқа ўрнатган. Шунингдек, ўзининг шахсий ва профессионал саъй-ҳаракатлари билан катта обрў қорзонган эди. 90 йилларда айнан унинг хатти-ҳаракатлари билан толибларга қарши “Шимолий альянс” номи билан машҳур бўлган коалиция тузилган ва у қаршилик ҳаракатининг марказий кучига айланди. 2001 йил 9 сентябрь куни Масъуд жангарилар томонидан ўлдирилади. Аҳмад Масъуднинг “Толибон” га қарши курашидаги яна бир мотив ана шундан иборат.
Маълумотларга кўра, отаси вафотидан кейин Масъуд аввал Эронда, кейинчалик Британияда Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида таҳсил олади. 2019 йилдан бошлаб афғон сиёсатида фаол иштирок эта бошлаган. У отаси илгари сурган сиёсий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.
Масалан, Аҳмадшоҳ Масъуд Афғонистонни федерацияга айлантириш ғоясини илгари сурган. Кичик Масъуд ҳам бу ғояга содиқ. Шунингдек, Аҳмадшоҳ Масъуд радикалликнинг ҳар қандай кўринишига қарши бўлган. Панжшер сиёсий элитаси ҳали ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлайди. Шу боис ҳам Аҳмад Масъуд толиблар ҳукмронлигига қатъий қарши туряпти.
Сўнгги кунларда “Толибон” бир қанча олий мартабали раҳбарларни, жумладан, Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзайни Панжшерга музокараларга жўнатди. Аммо амалда бу ҳеч қандай натижа бермаган. “Толибон” Панжшерда оғир жанглар бўлишини яхши билади ва имкон қадар вилоятни тинч йўл билан назортга олмоқчи.
Масъудга сўнгги кунларда янги кучлар келиб қўшилмоқда. Масалан, маршал Дўстумнинг ўғли Ёр Муҳаммад Дўстум кучлари Панжшердаги кучлар билан бирлашди. Ҳозирда вилоятда тўпланган қўшинлар сони 10 минг атрофида, деб айтилмоқда
Масъуд ташқи кучлар томонидан жиддий қўллаб-қувватланиши тахмин қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, фуқаролар урушини янада чуқурлашишига олиб келади. Юқорида айтилганидек, Масъудлар оиласи Ғарбда катта обрўга эга. Бу келгусида уни қурол-яроғ билан таъминлашда ёрдам бериши мумкин. Ўтган ҳафта Масъуд билан Европада катта таъсирга эга файласуф Анри Леви музокара ўтказгани хабар қилинди. Леви Европа сиёсий доираларида катта мавқега эга, шу боис у ўзига хос “элчи” вазифасини ҳам бажариши мумкин.
Шу билан бирга Аҳмад Масъуд музокараларга тайёрлигини маълум қилди. Унинг фикрича, Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона шарти–бу сиёсий мулоқот.
Панжшер ва у билан боғлиқ кучлар аста-секинлик билан толибларга зарба беришмоқда. Масалан, Афғонистон шимоли ва жанубини боғловчи Саланг довони Масъуд қўлига ўтди. Бир неча туман тортиб олинди.
“Толибон”, ўз навбатида, вилоятга турли кучларни жалб қилишда давом этмоқда. 23 август куни ҳаракат Панжшер тўлиқ қамал қилинганини эълон қилди.
Панжшер Афғонистоннинг кейинги тақдирида муҳим ўрин тутади. Вилоят устидан назорат ҳар қандай кучни Афғонистондаги ҳукмронлигини таъминлайди.
Жаҳонгир Қўзиев







