“Мудофаа вазирлиги президент рухсатисиз ҳаво зарбалари бериши мумкин” — Жозеф Байден
30 август куни тонгда Кобул аэропорти томон бир неча ракета отилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.


Пойтахт аэропортига қарата 5 та реактив снарядлардан зарба берилган. Пентагонга яқин манбалар америкаликлар орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилган. Таҳмин қилинишича, деярли барча ракеталар ҳаво хужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Лекин кейинчалик толиблар снарядлардан бири аэропорт ҳудудига тушганини маълум қилди. “Толибон”, шунингдек ракеталар Кобулнинг шимолидаги Хайрхона туманидан отилганини таҳмин қилган.
Оқ Уй матбуот хизмати раҳбари Жен Псаки ҳодиса ҳақида Президент Жозеф Байденга хабар қилинганини айтган. Байден ўз навбатида Афғонистондаги Америка кучлари ҳимоясини икки баробар кучайтиришга буйруқ берган.
Бундан аввал, 29 август куни АҚШ Кобул аэропорти атрофида дронлар ёрдамида зарба бергани хабар қилинган эди. Оқибатда, 9 киши, жумладан 4 нафар болалар ҳалок бўлди. АҚШ кейинчалик буни тан олиб, зарба ичига портловчи модда тўлдирилган автомобильга берилганини маълум қилган.
Пентагон 26 август кунги Кобул аэропортдаги терактдан кейин Афғонистонда ИШИД марраларига зарба беришни бошлади. Хусусан, Нангарҳор вилоятида ташкилот марраларига самолётлар зарба йўллаган. Оқибатда, ИШИД нинг Афғонистондаги икки раҳбари ўлдирилган. Жозеф Байден террорчиларга қарши курашда Пентагонга кенг ҳуқуқлар берди. Жумладан, мудофаа вазирлиги президент рухсатисиз ҳаво зарбалари бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Афғонистон собиқ вице-президенти мулла Солиҳ ИШИД террорчилик гуруҳининг «Толибон» ҳаракати билан алоқаси борлигини айтган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







