АҚШнинг истеъфодаги генераллари Мудофаа вазири истеъфосини талаб қилди
АҚШнинг бир гуруҳ истеъфодаги генераллари Афғонистондаги вазият туфайли Мудофаа вазири истеъфосини талаб қилди.


“Flag Officers For America” ташкилоти сайтида эълон қилинган мактубда 90 дан ортиқ генерал ва адмираллар АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ва штаб бошлиғи Марк Миллининг истеъфога чиқишини талаб қилди. Муаллифларнинг фикрича, “Қўшинларни тез олиб чиқиб кетиш сабабли номаълум миқдордаги АҚШ фуқаролари Афғонистоннинг хавфли туманларида қолиб кетган”. Генераллар ҳарбий раҳбарият қўшинларни олиб чиқишда йўл қўйилган хатоларнинг олдини олиш кераклигини қайд этди.
Мактубда миллиардлаб долларлик қуролларнинг душманлар қўлига ўтиши ҳалокатли, деб баҳоланган. Шунингдек, АҚШ обрўсига “мисли кўрилмаган” зарар етказилгани таъкидланган. Генералларнинг фикрича, энди кўп йиллар давомида АҚШни барча ишончсиз ҳамкор сифатида кўради.
“АҚШ душманлари Афғонистондаги заифлигимиз туфайли бизга қарши чиқади, бунда энг кўп ютадиган тараф — Россия ва Хитойдир”, деб айтилган.
15 август куни" Толибон" томонидан Кобул шаҳри эгаллаши ортидан Афғонистондан чел эл фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар эвакуация қилинди. АҚШ 31 август куни барча қўшинларини олиб чиқиб кетди ва Афғонистондаги иштирокини якунланди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Аҳмад Масъуд “Толибон” инклюзив ҳукумат тузган тақдирда курашни тўхтатишини айтиб ўтган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







