Мустақиллик стелласи ҳақида қизиқарли фактлар
Бугун Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмида Қибрай туманида “Янги Ўзбекистон” боғи очилди.

Расмий маросимда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

“Aгар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифода этади.

Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, Тошкент вилояти ва барча ҳудудларимиздан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда.
Бу ерда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари, ҳунармандчилик дўконлари барпо этилди ва этилмоқда”, — деди Президент.
Боғнинг майдони 105 гектарни ташкил этади. Боғда 2 та қурилиш объекти мавжуд — бири мустақиллик стелласи, иккинчиси 5 минг кишилик ўриндиққа мўлжалланган амфитеатр. Стелланинг баландлиги 60 метр, эни 5 метр. Унинг ички қисми эса Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихини ўзида мужассам этган. Шунингдек, бу стеллада Ўзбекистон шаҳарларини акс эттирувчи бир қанча белгилар бор. Масалан, Самарқанд шахридаги Регистон мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарлари, қолаверса, Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларни акс эттирувчи меморий ишланмалар мавжуд. Ушбу стеллага кираверишда уч ва беш зинапояга кўзингиз тушади. Илк уч зинапоя учинчи ренессанс даврини англатса, кейинги беш зинапоя эса янги Ўзбекистоннинг келажакда ривожланиши учун 5 та устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини англатади.

Унинг қурилишида 420 киши иштирок этди. Умуман олганда, бу стеллани яратишда 6 минга яқин киши жалб қилинган.

Унинг чап қисмида биринчи ренессанс даври тасвирланган. Бу ерда ал-Хоразмий даври ва Буюк Ипак йўли орқали амалга оширилган илк савдо-сотиқ ривожланиши акс эттирилган. Иккинчи қисмида эса иккинчи ренессанс бўлими қад ростлаган бўлиб, Мирзо Улуғбек ва Амир Темур сиймолари акс эттирилган.

Мустақиллик монументида Ўзбекистоннинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеалар муҳрланган.
Буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймоларини акс эттирилган.
Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати лавҳаларда кўрсатилган.
“Ғоят қийин ва мураккаб шароитда республика равнақини, халқимизнинг тинчлиги ва омонлигини ўйлаб, ўзини аямасдан хизмат қилган атоқли давлат арбобларимиз фаолияти ҳам атрофлича ёритилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттириш эътибор марказига қўйилди”,- деди давлатимиз раҳбари.
Монумент пойига: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”, — деган сўзлар битилган.

Боғга Италиядан келтирилган дарахтлар ва лолалар экилган.
Баҳринисо Мадумарова







