Россия ҳали АҚШдан Коронавирусга қарши кураш бўйича глобал саммитда қатнашиш учун таклиф олмади
Россия АҚШ Президенти Жо Байден таклиф қилаётган Коронавирусга қарши кураш бўйича глобал саммитда қатнашиш учун таклиф олмаган, деди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.


Журналистлар билан суҳбат чоғида Кремль вакилига Россия БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида бўлиб ўтадиган ушбу саммитда иштирок этиш учун Вашингтондан таклиф олдими, деган саволга Д. Песков "Йўқ, ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот йўқ", деб жавоб берди.
Песков, шунингдек, Путин БМТ Бош Ассамблеясининг жорий сессиясида қатнашмаслигини айтди.
Байден маъмурияти COVID-19 пандемиясига қарши кураш ва глобал эмлаш ҳаракатлари бўйича халқаро саммит ўтказишни режалаштирмоқда. Маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар баъзи мамлакатларни бу борада хабардор қилган, аммо ҳали расмий таклифнома юбормаган.
Қайд этилишича, саммитни сентябрь ойининг охирги ҳафтасида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида ўтказиш режалаштирилган.
Аввалроқ Россия ва АҚШ етакчилари учрашувига тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар берилганди.
Насиба Тўхтаева







