БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Олий Комиссари Афғонистонга ташриф буюрди
БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Олий Комиссари Кобулга келди. Бу ҳақда “Спутник Афганистан” хабар берди.


Олий Комиссар Филиппо Гранди аэропортда толиб вакиллари томонидан кутиб олинган. У бугун тонгда Кобулга етиб келгани, ташрифи давомида мамлакатдаги гуманитар вазиятга ва 3,5 миллион қочқинлар аҳволига баҳо беришини таъкидлаган.
Сўнгги вақтларда афғон қочқинлари масаласи БМТ диққат-эътиборида. Ҳозирда Афғонистоннинг турли нуқталарида БМТ ва айрим ноҳукумат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Келаётган ҳафтада Қочқинлар масаласи комиссияси жаҳон ҳамжамиятидан Афғрнистон учун қўшимча 600 миллион доллар сўрамоқчи.
Толиблар ҳокимиятни қўлга киритиши ортидан мамлакатда қочқинлар сони кескин ортган. Улар турли минтақаларда, хусусан, АҚШнинг Қатар ва Германидаги ҳарбий базаларида минглаб афғонистонликлар жойлаштирилган.
Аввалроқ Ўзбекистонга қочиб ўтган 585 афғон учувчилари Қатарга жўнатилиши хабар берилганди. Шунингдек, НАТО қочқинларга ёрдам бериш мақсадида махсус кучларни жалб қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







