Маданиятлар яқинлашуви халқларни бирлаштиришга имкон яратади — Содиқ Сафоев
Шу кунларда мамлакатимизнинг Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс пойдевори» V Конгресси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 350 дан зиёд етакчи шарқшунос, қуръоншунос, эксперт ва тадқиқотчилар, қўлёзма ва миниатюралар бўйича мутахассислар иштирок этяпти.


Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:
— Конгресс ишида бутун дунёдан вакиллар — мутахассис-олимлар, экспертлар иштирок этаётгани катта аҳамиятга эга. Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида миллий ўзликни англаш, энг аввало, жамият тараққиёти ва юксалишига асос яратади, деган эди. Бугунги халқаро анжуман айни шу мақсадга қаратилгани ва хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бугун биз шиддат билан ривожланаётган зиддиятли дунёда яшаяпмиз. Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, бутун дунёда, жумладан, минтақамизда зиддиятлар, ҳавф-хатарлар ортиб бормоқда. Мен ўйлайманки, дунёнинг бугунги асосий муаммоси бу ўзаро ишончнинг йўқлиги. Яъни халқлар маданиятини, ўзаро бир-бирини тушунишнинг танқислигидир. Бунинг учун, биринчи навбатда, биз маданий юксаликка эришишимиз керак. Маданиятлар яқинлашуви халқларни бирлаштириш ва яқинлаштиришга имкон яратади.
Турли қўпорувчи гуруҳ, терористик оқимларни ҳеч қачон муайян дин билан боғламаслик керак. терористик гуруҳларга қўшилишнинг асосий омили диний эътиқод эмас. Аксинча, биз халқлар цивилизацияларини чуқур билишимиз, бу борадаги янглиш тушунчаларни бартараф қилиш билан шуғулланишимиз керак. Бугунги анжуман ана шундай мақсадга қаратилган. Унда Австралиядан тортиб Америкагача бўлган минтақа вакиллари иштирок этяпти. Бу каби алоқалар ҳамкорликдаги фаолиятнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради, албатта. Бундай тадбирлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон салоҳиятни англаш, кенг омага тарғиб қилиш, иккинчидан, бутун башарият учун керак бўлган ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини яратишга хизмат қилади.
— Сиз Бутунжаҳон жамиятининг деярли барча тадбирларида қатнашиб келасиз. Унинг тадрижий ривожланиши ва салоҳияти ҳақида нима дея оласиз?
— Бунинг учун Конгресс доирасида намойиш этилаётган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид дунё давлатлари музейларидан топиб олиб келинган ўта ноёб экспонатлар, миниатюралар, ноёб китобларга эътибор қаратиш кифоя, деб ўйлайман. Улар иштирокчиларни ўзига мафтун қилиши шубҳасиз. Булар 5 йил мобайнида ташкилотчилар томонидан маданий меросини қайтариб келиш, ўрганиш, тарғиб этиш борасида қилинаётган улкан ишларнинг ёрқин намунасидир.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Хива шаҳрида ташкил этилаётган “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” маданий форуми доирасида ўтган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг конгрессида юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларга ва айниқса маданий мерос ва маънавиятга давлат миқёсида берилаётган улкан эътибор алоҳида эътироф этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Муножат Валиева







