“Толибон”нинг БМТдаги вакили масаласи ноябрь ойидан олдин ҳал қилинмайди
Бу масалада ҳеч ким шошмоқчи эмас, —деб ёзади “Интерфакс” БМТ манбасига таяниб.


Мазкур масала Нью-Йоркда давом этаётган БМТ Бош Ассамблеясида эмас, ноябрь ойида Ваколатлар қўмитасида кўриб чиқилади.
Аввал хабар қилинганидек, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилишни сўраган эди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “Толибон” тайинлаган ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақидан юқори даражадаги анжуманларда "иштирок этишни сўраб" мактуб олди, — деди БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Мактубда Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани 15 августда "ҳокимиятдан четлатилгани" ва бутун дунё мамлакатлари "энди уни президент сифатида тан олмаслиги" билдирилган.
Мактубда яна Афғонистоннинг олдинги ҳукумати томонидан тайинланган доимий вакили Ғулом Исакзай БМТда "энди вакиллик қилмас”лиги, “Толибон” унинг ўрнига БМТдаги доимий вакил этиб Суҳаил Шоҳинни тайинлагани билдирилган.
ОАВ маълумотларига кўра, амалдаги доимий вакил Исакзай 27 сентябрь куни Бош Ассамблеяда чиқиш учун ариза берган ва ўз делегацияси рўйхатини тақдим этган. Лекин бунга толиблар қатъий эътироз билдириб, Исакзай энди мамлакат вакили эмаслигини айтган.
ОАВ маълумотларига кўра, БМТ расмийлари энди Афғонистондан ким вакил бўлишини ҳал қилиши керак. Ваколатлар қўмитасининг АҚШ, Россия, Хитой, Швеция, Багама ороллари, Бутан, Чили, Намибия ва Серра-Леоне вакилларидан иборат тўққиз аъзоси бу ҳақда қарор қабул қилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” барча вазир ўринбосарлари таркибини эълон қилгани ҳамда Забиҳулло Мужоҳид “Толибон” аёллар таълимига қарши эмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Насиба Тўхтаева







