Сурияда сўнгги 10 йилда қанча одам қурбон бўлгани очиқланди
Сурияда сўнгги 10 йилда 350,2 минг киши уруш қурбони бўлган. Бу ҳақда “Reuters” БМТ ҳисоботига асосланиб хабар берди.


Шу билан бирга БМТ бу маълумот ҳали тўлиқ эмаслигини таъкидлаган. Чунки ҳисоботда ҳалок бўлган шахс исми, ҳалок бўлган жойи ва санаси аниқ кўрсатилиши керак. Аммо ташкилот ҳар доим ҳам уруш қурбонлари ҳақида барча маълумотларни тўплай олмаган.
Ушбу маълумот ҳам тинч аҳоли вакиллари, ҳам ҳарбийларни ўз ичига олади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Мишель Бачелет уруш қурбонларининг ҳар ўн учинчиси аёллар эканини маълум қилди. Шунингдек, у кейинги статистик маълумотларда баъзи ўлим ҳолатларига жавобгар шахслар номи ҳам қайд этилишини айтган.
Бачелет 2014 йилда 190 минг уруш қурбонлари шахси аниқланганини таъкидлади. Шу билан бирга “Reuters” Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маълумотларини келтириб ўтган. Обсерватория сўнгги 10 йилда 500 минг киши уруш оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, яна 200 минг эҳтимолий қурбонларнинг шахси аниқлаштирилмоқда.
Сурияда 2011 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда. 2014 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудида ИШИД фаолият олиб боради. Низога шу йилдан АҚШ, 2015 йилдан бошлаб эса Россия аралашган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сурия ТИВ АҚШ қўшинларини чиқиб кетишини талаб қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







