Бекободда 20 минг долларга гиёҳванд модда сотаётган шахс қўлга олинди
Бекобод туманида ташкил этилган рейд давомида 1 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 20 минг АҚШ долларга сотаётган шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.


Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 18 сентябрь куни ИИВ ҳамда Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбир давомида, Бекобод тумани “Фарҳод” маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Э.А. туман Зафар қўрғони марказида 20 минг АҚШ доллари эвазига 1 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситасини махсус харидорга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Самарқандда гиёҳванд модда сотаётган 66 ёшли шахс ушланиб, тез ёрдам ҳайдовчиси катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан қўлга олинганди. Шунингдек, қарийиб 100 кг.га яқин гиёҳванд модда яширинча олиб кирилишининг олди олингани ҳамда Сурхондарёда ҳайдовчи Ўзбекистонга 97 кг гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга урингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







