Озарбайжон Арманистон билан муносабатлар яхшиланиши шартини маълум қилди
Озарбайжон Арманистон билан муносабатларни яхшилашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.


“Озарбайжон Арманистон билан халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари, энг аввало, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегаралар бузилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилиш асосида муносабатларни яхшилашга тайёр. Биз Арманистонни ушбу асосий тамойилларни ҳурмат қилишга ва минтақа тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун зиммасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз”, — дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Маълумот ўрнида: 2020 йил сентябрь охирида Қорабоғда икки давлат ўртасида уруш бошланганди. Бунинг оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлган. Ноябрь ойида эришилган келишувга мувофиқ эса Тоғли Қорабоғда Озарбайжон суверенитети тикланганди. Бу урушда Туркия Бокуга катта сиёсий ва ҳарбий кўмак берган.
Ҳозирда томонлар ўртасида аста-секинлик билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилиняпти. Хусусан, Арманистон Туркия билан алоқаларни тиклашга тайёрлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илҳом Алиев Қорабоғ низоси якунланганини айтганди. Шунингдек, у халқаро энергетика компанияларини Қорабоғга чақиргани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







