Агар вазият тақозо қилса, Беларусь ва Россия ягона ҳарбий базага айланади — Александр Лукашенко
Беларусь Президенти Александр Лукашенко мамлакатга нисбатан ташқи агрессия содир этилса, Минск Россия билан ягона ҳарбий базага айланишини маълум қилди.


Лукашенко бу ҳақда «CNN» билан интервью вақтида айтган. "Агар вазият тақозо қилса Беларусь ва Россия ягона ҳарбий базага айланади. Бундан кўзланган мақсад — сиз (ғарб)нинг агрессиясини қайтариш. Агар сиз ёки айрим қўшни давлатлар бизга ҳужум қилишга журъат этса, буни яхши тушунишингиз керак", – деган Беларусь раҳбари.
Шу билан бирга, Лукашенко Беларусда икки фуқаролик базасидан ташқари Россиянинг бошқа ҳарбий объектлари йўқлигини таъкидлади. "Бу собиқ иттифоқ давридан қолган базалар. Унинг қурилишидан мақсад – ядро ҳужумидан олдиндан огоҳлантириш бўлган. Иккинчи база эса алоқа қисми бўлиб, бу орқали Россия ўзининг Атлантика океанидаги флоти билан алоқа қилади", — деб қўшимча қилган Президент. Шунингдек, бу базаларда 30-40 киши хизмат қилишини қайд этган.
Бундан аввал Литва Беларусь билан чегарада тиконли симлар ўрнатиши ҳамда Польша Минскни миграцион инқирозда айблаб чиққани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







