Қаршида туғилган уч эгизакка Шавкат, Мирзиё ва Миромон исмлари қўйилди
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги туғруқхонада 1 октябрь, жума куни уч нафар эгизак дунёга келди. Эгизакларнинг учаласи ҳам ўғил бола. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.


Маълум қилинишича, чақалоқлар Қарши туманининг «Узуннаво» маҳалласида яшовчи Муродовлар оиласида дунёга келган.
"Полвонларнинг онаси Шаҳло Ҳусанова 30 ёшда бўлиб, вилоят тери-таносил шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Отаси Искандар Муродов эса 37 ёшда бўлиб, Миллий гвардия ходими сифатида фаолият олиб боради", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, эгизаклардан бирининг вазни 2,1 килограмм, иккинчиси 2,4 ва учинчиси 2,2 килограмм вазн билан туғилган.

"Чақалоқларга ота-онаси Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйди. Айни пайтда оиладаги болалар сони беш нафарга етди. Бунгача Муродовларнинг бир ўғил, бир қизи бўлган", — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрида Бухоро вилояти Шофиркон туманида 3 эгизак туғилгани, уларга Мирзиё, Миромон ва Саида исмлари қўйилганди.
Шунингдек, 2019 йилда Жиззах, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида туғилган уч эгизакларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё исмлари Фарғонада туғилган уч эгизакка эса Шавкатжон, Зироатхон ва Саидахон исмлари қўйилган.
Аввалроқ Қашқадарёда туғилган 3 эгизакка Зироат, Саида ва Шаҳноза исмлари қўйилгани ҳақида хабар берилганди.







