Украина портлари гиёҳванд моддалар савдосида транзит вазифасини ўтаяпти — Владимир Колокольцев
Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Украинанинг “гиёҳвандлашув” жараёнидан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда вазирлик расмий вакили Ирина Волк хабар берди.


Колокольцев бу тўғрисида МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари кенгашида айтиб ўтган. “Россия вазирининг сўзларига кўра, терроризм ва экстремизм билан бирга, афғон масаласида анъанавий таъсирга эга бўлган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Шу ўринда Украина портларининг Афғонистон гиёҳванд моддалари савдосида транзит вазифасини ўтаётгани алоҳида таъкидланди, унинг ҳудудида эса катта миқдорда синтетик наркотиклар тайёрланаётгани маълум қилинди”, — деган Ирина Волк.
Маълумот ўрнида: Афғонистонда жаҳондаги опийнинг 90 фоизи етиштирилади. Мамлакатда сиёсий вазиятнинг беқарорлашуви ортидан наркотрафик ҳажмининг ортиши хавфи мавжуд.
Бундан аввал “Толибон” Россияни наркотрафикка қарши курашга чақиргани ҳамда Ҳиндистонда Афғонистондан кириб келган уч тонна гиёҳванд моддалар топилгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







