Сеул, Токио ва Вашингтон КХДР бўйича музокаралар ўтказади
19 октябрь куни Сеул, Токио ва Вашингтон КХДР бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.


Маълумотларга кўра, учрашувдан кўзланган асосий мақсад — Шимолий Кореяни ядро дастуридан воз кечишга қаратилган музокараларга қайтаришдан иборат. 19 октябрь куни Жанубий Кореянинг Корея яриморолидаги тинчлик ва хавфсизлик бўйича махсус вакили Но Гю Док ҳамда унинг АҚШ ва Япониялик ҳамкасблари Сон Ким ва Такэхиро Фунакоси шу масала юзасидан уч томонлама музокаралар ўтказади.
Шунингдек, учрашув кун тартибида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин таклиф қилган Корея урушини расман тугатиш тўғрисида ҳужжат имзоланиши ташаббуси муҳокама қилинади. 1950-1953 йилларда икки Корея ўртасидаги уруш якунлари бўйича тинчлик шартномаси имзоланмаган, уруш муваққат ярашув билан якун топган.
Шу билан бирга учрашув давомида Шимолий Кореяга гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Маълумот ўрнида: Шимолий Корея бўйича уч томонлама маслаҳатлашув сўнгги бор сентябрь ойида ўтказилган эди. Унда Пхеньянни музокараларга қайтаришнинг турли вариантлари кўриб чиқилган.
Аввалроқ Ким Чен Ин Жанубий Корея ва АҚШни кескин танқид қилгани ҳамда Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги алоқа тизими 55 кунлик танаффусдан сўнг тиклангани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







