Наманганда ноқонуний олиб ўтилаётган матолар аниқланди
Наманган вилояти божхона ходимлари томонидан ҳужжатларда кўрсатилмаган матоларни олиб ўтаётган шахслар аниқланди.

“Наманган” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан мазкур вилоят ҳудудида фаолият юритувчи корхоналардан бирининг номига хориждан келтирилган товарлар тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Текширувлар натижасида, юклар орасида йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 2 турдаги 6800 метр узунликдаги қиймати салкам 170 миллион сўмлик тўқимачилик матолари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёда лочинларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлган шахслар қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Мафтуна Режаббоева тайёрлади







