АҚШга нисбатан иттифоқчиларнинг ишончсизлиги ортган — The Washington Post
АҚШ иттифоқчилари бўлган баъзи давлат раҳбарлари Жозеф Байденнинг ташқи сиёсатига эҳтиёткорона қарамоқда. Бу ҳақда The Washington Post айрим сиёсатчилар билан интервьюдан сўнг маълум қилди.

Нашрнинг ёзишича, Афғонистондан тартибсиз чиқиб кетиш ва Франция билан муносабатларнинг совуқлашганидан кейин АҚШнинг кўплаб ишончли ҳамкорлари билан алоқалари кучсизланмоқда. Байден президентлигининг қарийб бир йили шуни кўрсатмоқдаки, унинг энг ашаддий сиёсий рақобатчилари ва ҳаттоки қатор дўстлари орасида ҳам президент АҚШга бўлган ишончни пасайтиргани ҳамда мамлакатнинг дунёдаги етакчи мақомини тиклаш тўғрисидаги ваъдаларини бажара олмаслиги ҳақида фикр шаклланди.
“АҚШнинг қайтганини инкор қилиб бўлмайди. Аммо баъзи жабҳаларда кўпроқ, баъзи жабҳаларда камроқ ‘қайтди’ ”, – деган Латвия президенти Эгилс Левитс. Исми ошкор қилинишини истамаган Европа давлатларидан бирининг амалдори эса, аксинча, АҚШга бўлган ишончсизлик жуда бўрттириб юборилганини айтган. “Ҳозир бу ички сиёсатнинг асосий баҳсларидан бирига айланган”, – деб қўшимча қилган у. “Байден маъмуриятига бўлган ишонч у нима қила олиши, қайси ваъдаларини бажара олишига боғлиқ”, – деб хулоса қилган амалдор.
The Washington Post, шунингдек, Байденни Трамп билан солиштирилишига эътибор қаратган. Масалан, АҚШнинг муносабатлари том маънода совуқлашган Саудия Арабистони учун Байден бегона бўлиб қолади.
Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Ий Ён эса АҚШнинг амалдаги президентини “эҳтиёткор сиёсатчи” сифатида баҳолаган.
Вашингтоннинг Афғонистонни тарк этиши ҳам қатор иттифоқчиларнинг ҳафсаласини пир қилган. Мақолада айтилишича, баъзи ҳамкорлар “АҚШ қўшинлари олиб чиқилишини ОАВ орқали билган”. “Бу НАТОда ёқимсиз из қолдиради. Аммо Америка маъмурияти доим Америка манфаатлари йўлида ҳаракат қилади”, – деган Европанинг юқори мартабали амалдори.
Бундан аввал АҚШ Тайванга мудофаа соҳасида ёрдам беришда давом этиши ҳамда АҚШ “Толибон” билан музокара ўтказгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







