Депутат ёрдамчисининг мақоми белгиланди
“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

“Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонун депутат ёрдамчиси ҳақидаги 94-модда билан тўлдирилди.
Таъкидланишича, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақли.
Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган фуқароси депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин. Ишга қабул қилиш депутатнинг тақдимномасига кўра, унинг ваколатлари даврига тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади. Шартнома депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда тугатилиши мумкин.
Маълумот учун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонундан Қонунчилик палатаси депутатининг вакили тўғрисидаги 142-модда чиқариб ташланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда ёш депутатларнинг улуши 6 фоиздан юқори эканлиги ҳамда қонунчилик палатаси вакиллари 6 ойда нималар қилгани ҳақида хабар берилганди.







