Қонунчилик палатаси вакиллари 6 ойда нималар қилди?
Жорий йилнинг ўтган олти ойида парламент аъзоларининг ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган масалаларни тизимли равишда ўрганиб бориш амалиёти изчил давом эттирилди.


Хусусан, учрашувлар давомида депутатлар томонидан 6 550 та хонадонга ташриф буюрилиб, 4 721 та учрашув ўтказилди. Уларда 98,6 мингдан зиёд фуқаро, шу жумладан 9 715 дан ортиқ тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Шунингдек, 2 946 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан танишилди. Депутатларнинг мулоқотлари чоғида сайловчилар томонидан 11 763 та масала кўтарилди. Шулардан 4 811 таси халқ вакиллари томонидан жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар эса назоратга олинди.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИ: 2021 йил 6 ойлик якунлари бўйича энг муҳим натижалар” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш Қонунчилик палатасининг энг муҳим вазифалари сифатида белгилаб олинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этишга, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини янада кучайтириш, ҳудудларда аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар бўйича ўрганишлар ўтказиш ҳамда қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича устувор йўналишларни амалга оширишга қаратилган ишлар Қонунчилик палатаси фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган олти ой мобайнида 35 та қонун қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди. Шундан 17 та янги қонун, 12 та яхлит қонун, 3 та жамланма (16 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган) қонун ҳамда 3 та халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи қонундир.

Қўмиталар томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида 23 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улардан 11 таси қонунлар ижросининг бориши, 3 таси давлат бюджети ижроси, 1 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларининг ижроси ҳолатини ўрганишга қаратилган.
Шунингдек, тадбирда ҳисобот даврида тасдиқланган жадвал асосида 4 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилгани ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ишлар ҳам муҳокама этилди.
Баҳринисо МАДУМАРОВА







