“Facebook” диний адоватни қўзғашда айбланмоқда
“Facebook” компанияси ўз ижтимоий тармоқлари ва дастурлари орқали Ҳиндистонда диний адоватни қўзғашда айбланди.


Қайд этилишича, 2019 йилдан 2020 йилгача “Facebook” ижтимоий тармоғида адоватни қўзғовчи постлар ва изоҳлар ҳажми 3 мартага кўпайган. Унга қарашли “WhatsApp” мессенжерида ҳам диний аломат бўйича адоватга чақирувчи хабарлар фаол тарқатила бошланган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай хабарлар тарқалиши 2020 йил февралда Деҳлида турли радикал гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар бошланган вақтга тўғри келади. Тўқнашувда 53 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши жароҳат олган.
“Facebook” ходимларининг изоҳлашича, компаниянинг ижтимоий тармоқларида мусулмонларга қарши хабарлар мунтазам равишда тарқатилади. Бундай хабарларни 2 та йирик ҳиндуий миллатчи гуруҳи тарқатади. Бироқ ушбу хабарларнинг аксарияти “зўравонликни тарғиб қилувчи” материаллар сифатида белгиланмайди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳолат компания техник тизимлари ҳинди ва бенгал тилларида материалларни топа олмаслиги билан боғланган.
Бироқ компаниянинг собиқ ходими Фрэнсис Хаугеннинг таъкидлашича, “Facebook” ижтимоий тармоғи адоватни қўзғаш учун атайлаб тарқатилишини айтган.

Шунингдек, “Facebook”да хавфсизлик тизимлари созланса, одамлар сайтда камроқ вақт ўтказиши, камроқ реклама кўриши, натижада компания камроқ даромад олиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.
Компания раҳбари Марк Цукерберг бу айбловларни рад этган.
Шу билан бирга, компания хавфсизлик тармоғини яхши йўлга қўйганини ҳамда одамлар руҳий соғлиғи каби масалаларга бефарқ қарамаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Facebook”, “Instagram” ва “WhatsApp” толибларнинг аккаунтларини блоклагани ва “Facebook” ўз номини ўзгартириши ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, 4 октябрда “Facebook”, “WhatsApp” ва “Instagram”нинг бир соат ишламаслиги жаҳон иқтисодиётига 161 миллион доллар зарар етказгани ҳақида хабар қилиганди.
Чўлпонй Аҳмедова







