Ўзбекистон ва НАТО: икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди
Учрашув давомида Ўзбекистон қуролли кучларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистоннинг НАТО ҳузуридаги миссияси раҳбари Дилёр Ҳакимов альянснинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Хавьер Коломина билан учрашди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги маълум қилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон НАТОни хавфсизликка таҳдидларга қарши муҳим ҳамкор сифатида кўриши таъкидланди. Шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва НАТО нинг биргаликдаги ҳаракатлари туфайли мулоқот давом этмоқда. Учрашув давомида Ўзбекистон қуролли кучларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ҳарбий қурилиш соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири ҳарбий-техник ҳамкорлик экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида НАТО нинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида Ўзбекистоннинг иштироки ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Бундан аввал НАТО Россияга қарши янги режа ишлаб чиқмоқчилиги ҳамда Хитой тараққиёти НАТО учун хавф туғдирмаслиги хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







