Хитой дипломати АҚШнинг коронавирус келиб чиқиши бўйича ҳисоботини "ғайриилмий" деб баҳолади
Аввалроқ АҚШ миллий разведкаси Covid-19 келиб чиқиши бўйича хулоса берганди.

Хитой АҚШнинг коронавирус келиб чиқиши тўғрисидаги ҳисоботини ғайриилмий деб баҳолади. Бу ҳақда ХХРнинг Вашингтондаги элчихонаси расмий вакили Лю Пенъюй маълум қилди.
Бундан аввал АҚШ миллий разведкаси сайтида коронавирус келиб чиқиши тўғрисида махсус хизматлар хулосаси эълон қилинганди. Унда аналитиклар коронавирус келиб чиқишининг ҳар икки версияси — табиий ва лабораторик келиб чиқишни ҳам ҳақиқатга яқин сифатида баҳолаган. Вируснинг лабораториядан чиқиб кетганлиги тўғрисидаги тахминларни АҚШнинг фақат битта махсус хизмати илгари сурган, аммо унинг номи ҳисоботда келтирилмаган.
“Сиз “коронавируснинг келиб чиқиши” тўғрисида қанчалик кўп ҳисобот чиқарсангиз ҳам у барибир бутунлай ғайриилмийлигича қолаверади. Бу вирус келиб чиқишининг илмий асосларига путур етказади ва аниқ манбасини қидириш учун олиб борилаётган глобал ҳаракатларга халал беради”, –деган Лю Пенъюй.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ўзининг Форт-Детрикдаги ва бутун дунё бўйлаб қурилган 200 та биологик лабораторияларига оид шубҳаларга жавоб беришдан қочмоқда.
Бундан аввал коронавирус Уханда 2019 йилнинг ёзида тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ разведкаси вирус келиб чиқиши бўйича аниқ хулосага кела олмагани маълум бўлганди.
Жаҳонгир Қўзиев







