Абдулазиз Комилов "НТВ" телеканалининг мухолифат тўғрисидаги саволига жавоб берди
Ташқи ишлар вазири чет элдаги баъзи шахслар Ўзбекистонни асоссиз танқид қилишига эътибор қаратди.


22 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг бир қатор ОАВ вакиллари билан пресс-конференцияси бўлиб ўтган эди. ТИВ томонидан эълон қилинган мазкур интервьюда Комилов Ўзбекистондаги сайловлар, Афғонистон масаласи қатори мухолифат мавзуси бўйича ҳам ўз қарашларини баён этган. Хусусан, "НТВ" телеканали журналисти Р.Соболнинг мухолифат тўғрисидаги саволига қуйидагича жавоб берган.
— Ўзини мухолифат деб атайдиган инсонлар гуруҳи, сиз таъкидлаганингиздек, асосан хорижий давлатларда яшайди. Улар Ўзбекистонни турли омиллар: сиёсий ва шахсий қарашлари туфайли тарк этган. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти чет элда ўзини мухолиф қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Балки бу уларга маълум маънода, хусусан, молиявий ва моддий кўмак олишларига, маълум статусга эга бўлишларига ёрдам беради. Шундай бўлса-да биз уларни эшитамиз – баъзан бу шахслардан Ўзбекистон иқтисодий тараққиёти учун яхши ниятлар билан ёзилган мактублар келади. Аммо кўп ҳолларда улар Ўзбекистонни нохолис танқид қилади. Фикримча, бу уларнинг мухолиф кайфияти билан эмас, балки ўзининг шахс сифатидаги аҳамиятини кўрсатишга уриниши билан боғлиқ.
Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларида бир неча бор агар улар Ўзбекистонга қайтса ва Ватанга хизмат қилишни давом эттирса, бу инсонлар фикрига қулоқ солинишини ва қўллаб-қувватланишини билдирган. Бу улар учун ҳеч қандай таҳдид туғдирмайди. Шу сабабли мен бу каби шахсларни тизимдан ташқари мухолифат эмас, балки тизимсиз ва тарқоқ, алоҳида шахслардан иборат мухолифат деб атаган бўлардим. Улар ўзаро боғлиқ эмас, кўп ҳолларда уларнинг ўзаро рақобатини кузатиш мумкин.
Аввалроқ Абдулазиз Комилов Теҳрондаги Афғонистон масаласига бағишланган учрашувда иштирок этгани хабар қилинганди.







