АҚШда минглаб разведкачилар ишдан бўшатилиши мумкин
Бунга нима сабаб бўлиши маълум қилинди.

АҚШ разведка хизматларининг минглаб ходимлари тез орада ишдан бўшатилиши мумкин. АP маълумотларига кўра, бу мажбурий вакцинация талабларининг бажарилмаслиги билан боғлиқ.
АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг разведка қўмитаси аъзоси Крис Стюартнинг маълум қилишича, октябрь ойи охиригача разведка хизматлари ходимларининг атиги 20 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. У айнан қайси ташкилотларда кўрсаткичлар пастлигини хавфсизлик нуқтайи назридан ошкор қилмаган.
Аммо Конгресснинг айрим аъзолари АҚШ миллий хавфсизлиги соҳасида фаолият юритадиган ташкилот ходимларининг ишдан бўшатилишига қаршилик қилмоқда. Бундан ташқари Республикачилар партияси миллий қўмитаси ушбу қарор устидан судга шикоят қилишини билдирган.
Маълумот ўрнида: 4 ноябрь куни Оқ уй йирик компаниялар ўз ходимларини 2022 йил 4 январга қадар коронавирусга қарши эмланишининг таъминлашини шарт қилиб қўйди.
Бундан аввал Хитойда коронавирус ҳолати яна авж олгани ҳамда Хитой дипломати АҚШнинг коронавирус келиб чиқиши бўйича ҳисоботини "ғайриилмий" деб баҳолагани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







