Украина собиқ президенти уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда
Ушбу гуруҳ таркибида Украина собиқ ҳарбийлари бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Украина суриштирув бюроси мамлакат собиқ президенти Виктор Януковични уюшган жиноий гуруҳ тузишда айблади. Бу ҳақда “Риа Новости” хабар берди.
“2021 йил 5 ноябрь куни суриштирув бюросига Украина собиқ президенти уюшган жиноий гуруҳ раҳбари бўлгани тўғрисидаги гумонлар тақдим этилди. Маълумотларга кўра, бу гуруҳга собиқ ички ишлар вазирлиги, Украина хавфсизлик хизмати ва қуролли кучлар вакиллари кирган. Уларнинг барчаси 2014 йил 18-20 февраль кунлари Киев марказида бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари пайтида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланмоқда”, – дейилади Украина суриштирув бюроси матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Ушбу идора тахминига кўра, Янукович ва унинг қўл остидагилар аҳолини қўрқитиш мақсадида “терактлар содир этган”. Бюро уюшган жиноят гуруҳини 76 фуқаро ўлимида айблаган.
Маълумот ўрнида: Виктор Янукович 2010-2014 йилларда Украина президенти бўлган. 2014 йил февраль ойида бошланган норозилик намойишларидан кейин у Россияга қочиб кетган. Шундан кейин Украина бир қисми бўлган Қрим Россияга қўшиб олинди. Мамлакат шарқида эса айирмачилар билан уруш давом этмоқда.
Бундан аввал Украина президенти Владимир Зеленский "Пандора ҳужжатлари" га муносабат билдирганди.
Жаҳонгир Қўзиев







