АҚШда минглаб денгиз пиёдалари коронавирусга қарши эмланмагани учун хизматдан бўшатилиши мумкин
Ҳарбийлар 28 ноябрга қадар тўлиқ эмланиши керак.

АҚШда минглаб денгиз пиёдалари коронавирусга қарши эмланмагани учун ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ҳақда Military Times газетаси хабар берди.
Денгиз пиёдалари 28 ноябрга қадар тўлиқ вакцинация курсидан ўтган бўлиши керак. Аммо Pfizer ва Moderna вакциналари билан бу муддатга қадар тўлиқ эмланишнинг иложи йўқ.
Мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг маълумотларига кўра, 28 октябрь ҳолатига кўра, пиёдаларининг 93 фоизи тўлиқ вакцинациядан ўтиб бўлди. Қолган ҳарбийлар маълум бир баҳоналар билан эмланмаслиги мумкин, шу сабабли улар хизматдан бўшатилади.
Денгиз пиёдалари корпуси қўмондони Девид Бергернинг сўзларига кўра, ишдан бўшатиладиган ҳарбийлар сони мингга етмаслиги мумкин. Шу билан бирга яқин кунларда эмланганлар сони ошиши кутилмоқда.
Аввалроқ коронавирусга қарши эмланмаганлиги туфайли АҚШ разведкачилари ҳам ишдан бўшатилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







