Германия ташқи ишлар вазири Лукашенкога жиддий айблов қўйди
Хайко Маас мигрантлар орқали ЕИга босим ўтказиш мумкин эмаслигини айтган.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Беларус президентини “иккиюзламачилик ва инсофсизлик”да айблади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
“Беларусь чегарасидан келиб тушаётган тасвирлар даҳшатли. Жаноб Лукашенко хавфли эскалация жараёнини давом эттирмоқда. У бошпана излаётган инсонларни аёвсиз фойдаланяпти. У Евроиттифоққа ва унинг Польша ва Литва каби айрим аъзоларига атайин босим ўтказмоқда. Бу инсонлар (мигрантлар) Лукашенконинг ҳокимият учун ўйинларида шунчаки “пиёда”лар вазифасини бажармоқда”, – деган Маас.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқини шантаж қилиш мумкин эмас.
“ЕИнинг Лукашенко ва унинг иттифоқчиларининг иккиюзламачи ва инсофсизларча қилган ҳаракатларига берган жавоби ташкилотнинг бу йўлда изчиллик билан ҳаракат қилишини кўрсатиб берди”, – деб қўшимча қилган у.
Маълумот ўрнида: 8 ноябрь куни Беларусьдан Польша йўналишига қараб минглаб мигрантлар йўлга чиққан. Бунинг ортидан чегарага қўшимча полиция ва ҳарбий кучлар чақирилган. Польша ва Болтиқбўйи давлатлари Беларусни вазиятни атайин чигаллаштиришда айбламоқда. Ҳозир Литва чегара ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий этган.
Аввалроқ Польша Беларусь билан чегарага 10 минг аскар жойлаштиргани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







