Қозоғистон Бишкек ва Душанбега беғараз ҳарбий ёрдам беради
Бу Афғонистондаги вазият билан боғлиқлиги маълум қилинди.

Афғонистондаги вазият ортидан Қозоғистон Тожикистон ва Қирғизистонга махсус техника ва ўқ-дориларни беғараз асосда етказиб беради.
Қирғизистоннинг Қўйтош ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига етказиб бериш харажатларини ҳам Қозоғистон ўз бўйнига олди. Шу билан бирга, Душанбе ва Бишкек бу маҳсулотларни учинчи давлатларга бериши мумкин эмас.
Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Руслан Шпекбаевнинг маълум қилишича, беғараз ёрдам республика мудофаа салоҳиятига салбий таъсир қилмайди. Сабаби, у қуролли кучлар таъминотининг ортиб қолган захиралари ҳисобидан берилмоқда. Ушбу қарор парламент қуйи палатаси томонидан маъқулланган ва сенатга жўнатилган.
Аввалроқ Қирғизистон Афғонистонда яшовчи қирғизларни эвакуация қилишини маълум қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







