Афғонистонда янги урушдан ҳеч ким манфаатдор эмас — Покистон ташқи ишлар вазири
Исломободда Афғонистон бўйича учрашув бўлиб ўтмоқда.

“Толибон” билан ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни кучайтиради. Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший маълум қилган.
Вазир бу ҳақда Исломободда бўлиб ўтаётган Афғонистон бўйича “кенгайтирилган учлик” (Россия, АҚШ, Хитой ва Покистон) йиғилишида айтиб ўтган. Унинг фикрича, “учлик” билан ҳамкорлик Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди, иқтисодий ўсишга ва террорчиларнинг мамлакатдаги фаолиятининг чекланишига олиб келади.
“Янги уруш ҳеч кимга керак эмас”, – деган Қурайший.
Шунингдек, у Афғонистон иқтисодий ҳалокат ёқасида турганини таъкидлаган. Бунинг энг катта сабаби – халқаро молиявий ёрдамнинг тўхтаб қолганлигидир. Қурайшийнинг сўзларига кўра, энг аввало соғлиқни сақлаш тизимига ёрдам кўрсатиш зарур.
“ ‘Толибон’ ҳамкорликдан манфаатдор. Сабаби у халқаро миқёсда тан олинишга ва ёрдамга муҳтож”, – деб қўшимча қилган вазир.
Аввалроқ бир гуруҳ афғон учувчилари АҚШга эвакуация қилингани ҳамда Афғонистонда Исломобод ва Покистон толиблари ўртасида музокаралар бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







