Ўзбекистонда QIWI'дан фойдаланишга рухсат берилди
Мазкур фаолият тўлов ташкилоти лицензиясига эга бўлган “Payment Aggregation Systems” МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Бу ҳақда Марказий банкнинг матбуот хизмати хабар берди.
Унда келтирилишича, “QIWI Uzbekistan” электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш ҳамда “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилди.
Бундан ташқари, мазкур электрон пуллар тизимининг эмитенти сифатида электрон пулларни чиқариш фаолияти бўйича ҳам лойиҳалар кўриб чиқилди.
Натижада “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари”га кўра, “QIWI Uzbekistan” электрон пуллар тизими Марказий банкнинг “Электрон пуллар тизими” реестрига киритилиб, электрон пулларнинг чиқариш фаолиятига рухсат берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Болалар пули”ни олиш оила аъзоларига тақсимланадиган ойлик даромадга боғлиқлиги ҳамдаTelegram'да хайрия маблағларини йиғиш функцияси ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Чўлпоной Аҳмедова







