Ҳиндистонда саммит иштирокчилари томонидан Афғонистонда юзага келган вазият, минтақавий ва глобал оқибатлари муҳокама қилинди
Унда Россия, Марказий Осиё давлатлари, Эрон ва Ҳиндистон вакиллари иштирок этди.

Ҳиндистонда минтақадаги еттита мамлакатнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ва хавфсизлик кенгаши котибларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Иштирокчилар қабул қилган якуний декларацияда Афғонистоннинг барча ҳалқи истаётган очиқ ва инклюзив ҳукумат тузилиши зарурлиги таъкидланган. Бу ҳақда “Овози Тожик” радиоси Афғонистоннинг «Shafaqna» ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, минтақавий учрашув чоршанба куни Ҳиндистоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажита Дуала раислигида бўлиб ўтган.
Учрашувда Афғонистонда ҳозирда юзага келган вазият, жумладан, хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат ва унинг минтақавий ва глобал оқибатлари муҳокама қилингани айтилмоқда. Шунингдек, иштирокчилар Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаб, ташқи кучларнинг аралашувига қарши эканини билдирган.
Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ва миллий хавфсизлик кенгаши котиблари ўз мурожаатларида Афғонистон ҳудуди террорчилар фаолият олиб борадиган, уларга бошпана бўладиган, ўқитиш, режалаштириш ва молиялаштириш билан шуғулланадиган жой бўлмаслиги кераклигини алоҳида қайд этган.
Улар шунингдек, минтақада экстремизм, сепаратизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ таҳдидларга қарши биргаликда курашишга чақирди.
Аввалроқ, Ўзбекистонда жаҳон парламентларининг аёл раҳбарлари саммити бўлиб ўтиши ҳамда Абдулазиз Комилов дин эркинликлари масаласига бағишланган халқаро саммитда иштирок этгани ҳақида хабар бергандик.
Муножат Валиева







