Филча барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳалок бўлди
Индонезиянинг Суматра оролида йўқолиб кетиш хавфи остида турган филлар тишлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда.

Овчилар уларни тутиш учун тузоқлар қўйишмоқда. Маҳаллий аҳоли филларнинг сўнгги вакилларидан бири бўлган 1 ёшли филчани тузоқдан қутқариб олишди.
Аммо жонзот жуда қаттиқ яраланганлиги сабабли ҳалок бўлган. Унгача маҳаллий аҳоли вакиллари филчанинг омон қолиши учун кўп ҳаракат қилишган.
Фил боласининг танаси тузоқ туфайли яраланган ва инфекция тушган. Даволаш жараёнида эса зарарланган тана қисми кесиб ташланган. Аммо, афсуски, бу ҳам унинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бермаган. Чунки инфекция аллақачон унинг бутун организмини заҳарлаб улгурган эди. Шундай бўлса-да, филча операциядан сўнг яна икки кун яшаган.
"Уни қутқара олмадик, чунки у оғир жароҳатланган ва инфекцияланган эди. Биз ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилдик”, - дейди Табиий ресурсларини муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Агус Арианто.
Жонзотларнинг асосий яшаш жойлари ўрмон, бироқ дарахтларнинг кесилиши филлар яшайдиган ҳудудларнинг қисқаришига олиб келмоқда. Бу эса одамлар ва филларнинг тез-тез тўқнашиши, ўзаро зиддиятга дуч келишига сабаб бўлада. Оқибатда эса, филлар қимматбаҳо тишлари учун қурбон қилинади.
Манбаларда ёзилишича, ёввойи табиатда яшаётган минтақадаги Суматра филларининг сони атиги 500 та қолган.
Маълумотларга кўра, айниқса сўнгги йилларда минтақада филларни сўйиш кўпайган. Масалан, июль ойида Суматра филларининг бири боши кесилган ва тишлари олиб ташланган ҳолда топилган.
Аввалроқ жайрон овловчилар устидан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







