Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга хавфли юкларни олиб ўтиш тартиби соддалаштирилади
Ҳозирги вақтда қонунга асосан транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати 30 кундан ошмайди.

Транспорт вазирлиги “Халқаро шартнома тасдиқлаш тўғрисида” президент қарори лойиҳасини тайёрлади.
“Тожикистон томони Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистоннинг хавфли юкларини олиб ўтиш учун рухсатномани 1 ойдан 1 йилгача чўзиш имкониятини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган”, — дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун: келишувга мувофиқ, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали хавфли юклар олиб ўтилиши бўйича қарор қабул қилиш ва рухсат бериш ваколатига эга ваколатли орган ҳисобланади.
Қайд этилишича, ариза берувчилар ёки экспедиторлик ташкилоти ташишни бошлашдан олдин Ўзбекистон томони ваколатли органини бошқа давлатлар томонидан берилган, уларнинг ҳудудлари орқали транзитни амалга ошириш режалаштирилган зарур транзит рухсатномаларининг мавжудлиги тўғрисида хабардор қилади.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали хавфли юкларни олиб ўтиш тўғрисидаги келишув лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон президенти 10 июнь куни Тожикистонга амалга оширилган расмий ташриф жараёнида имзоланди.
Транзит бир йилгача муддатга бериладиган умумий ёки бир марталик рухсатнома асосида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон — Тожикистон чегаралари хариталарда аниқ белгиланиши ҳамда Ўзбекистон навбатдаги халқаро шартномага қўшилгани ҳақида хабар берилганди.







