Ўзбек киноижодкорлари делегацияси Россиядаги фестивалда иштирок этди
Эндиликда, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъдодларини юзага чиқариш бўйича янги лойиҳалар тақдим этилади.

Кинематография агентлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, куни кеча ўзбек киноижодкорлари делегацияси Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг 41-халқаро талабалар фестивалида иштирок этди.
Қайд этилишича, ўзбек киноижодкорлари россиялик кинопродюсерлар ва ижодкорлар билан бўлиб ўтган суҳбатда Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, "Ўзбекфильм" киноконцерни томонидан амалга ошириладиган ко-продукциялар бўйича ҳамкорликлар келишиб олинди.
Таъкидланишича, Фирдавс Абдухолиқов агентлик томонидан 2 йил давомида Москвага ўқишга юборилган талабалар билан учрашди. Маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, малакали дарс олишдаги шароитлари ўрганилди.
Маълумот учун: ВГИК директори Владимир Малишевга агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонини тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, эндиликда ўзбек киноижодкорлари 20-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Беларусь Республикасида “Листапад” XVII халқаро Минск кинофестивалида иштирок этади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилиши, Тошкентда Турк дунёси иқтидорли болалари фестивали бўлиб ўтиши, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳамкорлигида Хўжа Насриддин ҳақида мултфильм суратга олиниши ҳақида хабар берилганди.







