Истанбулдаги довул қурбонлари сони 4 нафарга етди
Тўфон шаҳар бинолари том қисми ва ҳаракатланаётган транспорт воситаларини учириб кетган.

Маълум бўлишича, табиий офат 33 та уйнинг том қисмини вайрон қилган, 192 та дарахт ва 52 та светофор қурилмасини қулатган.
Бундан ташқари, ўнлаб автомобиллар шикастланган.
“Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар департаменти маълумотларига кўра, Истанбулда бошланган кучли шамол оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 19 киши жароҳатланган, улардан 3 нафари оғир аҳволда ” — дейилади хабарларда.
Туркия қирғоқ қўриқлаш хизматининг хабарига кўра, фавқулодда вазият ортидан Босфор бўғозида кемалар ҳаракати тўхтатилган.
Шунингдек, Туркия Ҳаво йўлларининг олти самолёти Истанбулга қўна олмай, Анқара ва Измирга йўналтирилди.
Бундан аввал АҚШнинг Луизиана штатига даҳшатли тўфон кириб келгани ҳамда Японияда тўфон туфайли 400 нафарга яқин одам эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







