Дунёнинг энг арзон шаҳарлари рўйхатидан Тошкент ҳам жой олди
The Economist журнали 2021 йилда дунёнинг 173 та шаҳрида яшаш нархи бўйича тадқиқот эълон қилди.

Эслатма. Бу тадқиқот 30 йилдан бери ҳар йили ўтказилади.
Маълумотларга кўра, Дунёнинг энг арзон шаҳарлари рўйхатида учликни қуйидалар банд қилган:
Дамашқ (Сурия)
Триполи (Ливия)
Тошкент (Ўзбекистон)
Шунингдек, таҳлилчилар Нью-Йорк шаҳрини базавий рейтингда 100 балл билан баҳолаган ва у билан бошқа дунё шаҳарларини таққослаган. Шу билан бирга, таҳлилда 200 хил товар ва хизмат нархлари ҳам солиштирилган. Бунда ҳам мазкур шаҳардаги маҳсулотлар нархи меъёр қилиб олинган.
Таъкидлаш керак, тадқиқотда Тель-Авив биринчи ўринни эгаллаган. Шаҳар бир йил ичида 5 поғонага кўтарилиб, энг қиммат турмуш даражасига эга шаҳарлар рейтингида пешқадамга айланиб олган.
“Исроил шаҳри эса хориж валюта курсларининг тез кўтарилиши, шунингдек, озиқ-овқат, спиртли ичимликлар ва транспорт нархларининг ошиши туфайли биринчи марта рейтингда юқори ўринлардан бирини эгаллади”, дейди таҳлилчилар.
Рейтингда иккинчи ўринни Париж эгаллади. Франция пойтахти бир йил аввал Гонконг ва Цюрих билан бир хил поғонада турган эди. Эндиликда янгиланган рейтингда Париж Сингапур билан иккинчи ўринни банд қилди. Цюрих ва Гонконг шаҳарлари эса мос равишда учинчи ва тўртинчи қаторлардан жой олди.
Маълумот учун, дунёнинг энг қиммат шаҳарлари ўнлигига Нью-Йорк, Женева, Копенгаген, Лос-Анжелес ва Осака ҳам кирган.
Мазкур рўйхатда юқори поғоналарни банд қилган шаҳарлар сал аввал дунёда яшаш учун энг яхши жойлар рейтингига ҳам киритилган эди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, яшашга энг қулай ва хавфсиз шаҳарларда ҳаёт кечириш қиммат туради. Аксинча, сиёсат ёки иқтисод билан боғлиқ имкониятлар ёки муаммолар кам бўлган жойда ҳаёт кечириш нисбатан арзон бўлади.
Аввалроқ қамоқхоналардаги маҳкумлар сони бўйича дунё рейтинг эълон қилингани ҳамда Жаҳон мусулмонлари саёҳати индекси рейтингида мамлакатимиз 16-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







